16/07/2026
📌 Маҳалла даражасида давлат хизматлари ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш кенгаймоқда
Давлат хизматларини маҳаллалар орқали кўрсатиш тизими босқичма-босқич кенгайтирилмоқда. Бугунги кунда 100 га яқин хизмат «маҳалла еттилиги» орқали кўрсатилмоқда. Келгусида барча давлат хизматларини маҳалла даражасига ўтказиш, 980 та давлат хизмати маркази фаолиятини маҳаллалар билан интеграция қилиш ҳамда 10 та маҳаллада «Ақлли маҳалла» модели асосида янги тизимни жорий этиш режалаштирилган.
Ижтимоий хизматлар ҳам аҳоли эҳтиёжларига янада яқинлаштирилади. 25 турдаги ижтимоий хизмат йил охиригача маҳалла даражасида кўрсатилади. Шунингдек, 250 та маҳаллада кундузги парвариш хизматлари ташкил этилади, 75 та маҳаллада кекса фуқароларни қўллаб-қувватлашга қаратилган «Фаол ҳаёт» дастури амалга оширилади. Болаларни ҳимоя қилиш бўйича янги қўллаб-қувватлаш марказлари ҳам ташкил этилади.
Ҳудудларни ободонлаштириш ишлари ҳам тизимли ташкил қилинади. Тошкент–Хива темир йўли бўйидаги 285 та маҳалла, шунингдек 45 та туман қамраб олинади. Ҳар бир ҳудуд бўйича инвентаризация ўтказилиб, комплекс ривожлантириш дастурлари ишлаб чиқилади.
Маҳаллаларда ташаббускорлик ва самарадорликни ошириш мақсадида рағбатлантиришнинг янги тизими жорий этилади. «Энг обод хонадон», «Энг улгуржи хонадон», «Энг обод кўча» ва «Намунали маҳалла» каби йўналишлар бўйича танловлар ўтказилиб, энг яхши тажрибалар республика бўйлаб оммалаштирилади.
Ушбу чора-тадбирлар маҳаллаларда давлат хизматлари ва ижтимоий ёрдамни аҳолига янада яқинлаштириш, фуқароларнинг турмуш сифатини яхшилаш ҳамда ҳудудларни барқарор ривожлантиришга хизмат қилади.
Батафсил: https://t.me/reviewuznews/8720